TA`MIRLASH

Ўз қўлингиз билан: 20 дақиқада ванна хонада қуйиладиган пол

Полни текислашнинг энг содда ва самарали усули – полни суюқ қоришма ердамида қуйиш. Қуйиладиган пол намлиги юқори бўлган, полнинг асосидаги нотекисликлар кам бўлган хоналар учун мос келади.

Ҳар қандай қурилиш-таъмирлаш ишларини, дастлабки хомаки ёки сўнгги пардозлаш билан боғлиқ ишларини амалга ошириш учун имкон қадар тайёр ва хабардор бўлиш лозим. “Юқа қуйиладиган пол”деб  номланишининг ўзидан кўриниб турганидек, ундан полнинг якунловчи текислаш иши учун фойдаланиш лозим ва қуйиладиган қатлам қалинлиги 1 мм дан 20 мм гача бўлиши керак.




Тайёрлов ишлари:

  • ишлар олиб бориладиган хонани қўшни хонадан ажратилади. Буни металлдан тайёрланган профил ёрдамида амалга ошириш мумкин;
  • полдаги эски плиткалар демонтажи амалга оширилади ва бошқа омонат турган нарсалар олиб ташланади;
  • полдаги ахлатлар олиб ташлангандан сўнг полнинг сирти чанг ютгич билан тозаланади (грунтлашдан олдин);
  • пол оқиб кетиб қолмаслиги учун цементли қоришма билан тешик ва ёриқ жойлар беркитилади, сувалади;
  • пол сирти грунтланади. Грунтлаш қоришмадаги намликнинг пол асосига ортиқча шимилишининг олдини олади, аралашманинг эса пол сиртида яхшироқ оқиб тарқалишига ёрдам беради.





Қанча материал сотиб олишни қандай ҳисоблаш тартиби:

Узун шайтон ёки профил ёрдамида хонадаги энг қуйи нуқта аниқланади. Сўнг қияликни аниқлаб ва олинган натижаларни солиштириб, неча қоп аралашма зарурлиги ҳисобланади. Қоришма миқдори қуйиладиган пол қалинлиги 10 мм бўлганда 1 кв. м га 15 кг ни ташкил қилади.

Қоришмани тайёрлаш:

Қоришмани тайёрлаш учун бир нечта идиш керак бўлади. Қуйиладиган пол билан имкон қадар тез ишлаш зарур, шунинг учун қоришманинг зарур миқдорини олдиндан тайёрлаб олиш керак. Бунда ишлаш жараёнида кўп вақтни тежаш мумкин бўлади. Ўртача ҳисобда бир хонада қуйиладиган полни қилиш учун 20-30 дақиқа вақт сарфланади.  Сув билан аралашган аксарият тайёр қоришманинг «яшовчанлиги»  40 дақиқани ташкил қилади. Аралаштирилгандан сўнг қоришма 5 дақиқа давомида “дам ейиши” керак. Ушбу вақт давомида  унда кимёвий реакциялар содир бўлади. Қоришма ишлатилишга тайёр.

Қоришмани тайёрлашда маҳсулотда кўрсатилган пропорцияларга қатъий риоя қилиш зарур. Технология бузилганда (кўпроқ ёки камроқ сув қўшилганда) қуриган қуйиладиган пол ёрилиши ва полнинг асосидан қўчиши юзага келади. Одатда 25 килограммли бир қоп қоришмага 9 литрдан кам бўлмаган тоза совуқ сув қўшилади. Диққат қилинг, қоришманинг аралаштириш учун аниқ пропорцияларини маҳсулот солинган қопнинг устига ёзилган йўриқномадан қаранг!

Қоришмани ёрдамчи билан бирга аралаштириш маъқулроқ, бир киши қоришмани идишга солиб туради, иккинчиси қурилиш миксери билан аралаштириб туради.

Полни қуйиш жараёни:

Қоришмани секин-аста, полнинг бутун сатҳи бўйича тарқатиб қуйиш лозим. Кейинги ишлар игнали ғўлача билан амалга оширилади, унга муҳим вазифа юклатилади – қоришмани текис, қуйиладиган полни бир маромда тарқатиш ва ундаги ҳаво пуфакчаларини чиқариб юбориш. Иш тугалланди. Энди қуйиладиган пол секин-аста қуйилиб борилади. 4-5 соатдан сўнг пол устидан юриш мукин бўлади. Бирок унинг устига плитка ётқизиш ишини фақат 3-7 кундан кейин амалга ошириш мумкин.

Қуйиладиган пол билан ишлаш жараёнида риоя қилиш керак бўлган қоидалар

- қуёш нурининг тўғри тушишига йўл қўймаслик;

- шамол, елвизакларининг олдини олиш;

- пол билан бўладиган ишларни бўёқ-пардозлаш ишлари тугагандан сўнг амалга ошириш;

- полга плитка ётқизишдан олдин полни грунтлаш зарур.

Таъмирлаш ишлари сифатли ва полингиз текис чиқишини тилаймиз. Агар юқорида баён этилган ишларни ўзингиз мустақил бажаришни истамасангиз, мутахассисларга мурожаат қилинг.  Бизнинг Каталогимизда уларнинг алоқа манзилларини олиш имконияти бор.