TA`MIRLASH LUFATI

ОБОЙлар сотиб олишда керак бўладиган атамалар

Обойларни қидириб, танлаб ва ниҳоят сотиб олаётган вақтимда илгари менга номаълум бўлган кўп янги сўзларни эшитдим. Уларнинг маъносини билиб олдим ва энди сиз билан ўртоқлашмоқдаман. Балки сизга ҳам керак бўлиб қолар…



Акрил обойлар – қоғоз, манзарали, усти акрил сирт қатлами билан қопланган қоплама. Акрил чидамли полимер бўлиб, қурилиш ва пардозлаш материалларини ишлаб чиқаришда кенг қўлланилади. Акрил обойлар механик таъсирларга чидамлидир. Уларни ювиш осон ва улар инсон саломатлиги учун мутлақо зарарсиз.

Велюр обойлар – қалин икки қатламли деворларни пардозлаш учун мўлжаллаган қоплама. Биринчи қатламнинг асосини қоғоз ёки флизелин ташкил қилади. Нақшлар велюр тукларидан ишланган. Бундай велюрли элементлар обойларга ҳашаматли кўриниш беради.

Винил обойлар –асосини қоғоз ёки мато ташкил қилувчи икки қатламли қоплама. Обойларнинг устки қатлами  ПВХ (поливинилхлорид) билан қопланган, у эса , ўз навбатида, моғор ва замбуруғ пайдо бўлишига тўсқинлик қилади.

Суюқ обойлар – деворлар ва шифтни декоратив пардозлаш учун мўлжалланган табиий таркибий қисмлар асосида тайёрланган қуруқ аралашма. Суюқ обойлар –  таъмирлашнинг тежамкор ечими.

Ювиладиган обойлар – намлиги юқори даражали хоналарга пардоз бериш учун мос келадиган обойлар.

Бўяладиган обойлар – ёпиштирилгандан сўнг турли рангларгарга бўяш мумкин бўлган бўртма, расмсиз обойлар. Бўяладиган обойлар текис бўлмаган сиртларга ҳам тўғри келади. Ушбу обойларни қайта-қайта бўяш мумкинлиги уларнинг энг катта афзаллигидир.

Юзаки босма – тасвирлар босиб чиқаришнинг ўзига хос усули. Аниқ-равшан кўринмайдиган юзаки босма усулида туширилган бўртма нақшлар.

Полиплен – силлиқ, бўртма ёки босма нақш туширилган қоплама. Обойлар асосини қоғоз ташкил қилади, устки қатлами эса поливинилхлориддан ташкил топган. Таркиби ва ишлаб чиқариш усули турли дизайнда ва рангларда обойлар яратиш имконини беради.

Пластизол – асосини поливинилхлорид ташкил қилган полимер, линолеум,  қалин винил обойлар каби қурилиш материалларини ишлаб чиқаришда қўлланилади.

Обойлар остидан ёпиштириладиган қоғоз  - рулонли материал, қалинлиги иссиқликни ўтказмайдиган (термоизоляцион) параметрларига боғлиқ. Деворларни совуқ ўтмайдиган қилиш, яъни иссиқликни сақлаш учун фойдаланилади.

Шишамато обойлар – тўқувчилик усулида тайёрланган бўяладиган обойлар. Асосан офис хоналарининг деворларига пардоз бериш учун фойдаланилади.

Тўқимачилик обойлар – қоғоз ва флизелин асосида тайёрланган манзарали пардозлаш материали. Устки қатлами зиғир, пахта, полиэстер, жут каби табиий  тўқима матоларидан иборат. Обойларнинг нархи материалнинг қиймати, табиийлик даражаси, экологик ҳолати, ранги ва тузилиши билан белгиланади.

Трафарет босма – трафаретлар ёрдамида яратилган тасвирлар. Трафаретли расмлар қўлда бўялади.

Шайтон (қурувчилар асбоби) – сатҳнинг вертикал ёки горизонтал сатҳдан оғишларини аниқлаш асбоби. Шунингдек асбобдан қиялик бурчагини конструкциянинг бир элементидан бошқасига ўтказилганда ҳам фойдаланилади.

Флексографик босма – тасвирларни юқори сифатли босиш усули, унда эгилувчан резинали ёки полимерли босма қолиплар ва тез қурийдиган, ёпишқоқлиги кам бўлган бўёқлардан фойдаланилади.

Флизелинли обойлар – асоси флизелиндан иборат бўлган обойлар. Манзарали қоплама иссиқ босма нақш усулида ишлаб чиқарилади ва экологик жиҳатдан тоза пардозлаш материаллар қаторига тегишли.

Фунгицидли эритма – обойлар остида замбуруғ, моғор ва микроорганизмлар пайдо бўлишига тўсқинлик қилувчи суюқлик.

Ипак графикали обойлар – декоратив икки қатламли, усти ялтироқ, ипак матога ўхшаш қоплама.

Шпател – резина, тахта, пластмасса, пўлат ёки шишадан ясалган дастали асбоб. Шпаклёвка қилиш, суваш, эски обойлар ёки бошқа қопламаларни олиб ташлаш учун фойдаланилади.

Ўз билимларим билан ўртоқлашишнинг айни пайти келди. Эҳтимол, бирон нарсаларни қолдириб кетган бўлишим мумкин. Сизнинг тажрибангиз ҳақида билишни жуда истардим. Ўйлайманки, бу фақат мен учун эмас, бошқаларни ҳам қизиқтиради.

Ушбу Каталогда обойларни ёпиштириш ва бошқа бўёқчилик ишлари билан шуғулланувчи усталар билан алоқа қилиш манзиллари келтирилган.